Украина можароси янги юқори технологияли уруш даври бошланаётганидан дарак бермоқда, жанговар ҳаракат олиб бориш тамойилида уч хулоса чиқариш имконини бермоқда, деб ёзди Британияда нашр қилинадиган “The Economist” журнали:
– Биринчи хулоса шуки, жанговар ҳаракат тобора шаффоф тус олмоқда, уруш майдонидан тезкор маълумотни сир сақлаш борган сари қийинлашмоқда, жанг якуни эса разведкага боғлиқ бўлиб қолмоқда. Устуворлик душманни у сизни билиб қолишидан олдин аниқлаш, рақибнинг дрони, йўлдоши ва шунга ўхшаш ҳар қандай қурилмасини ишдан чиқариш, жанг майдонидаги маълумот узатиш воситаларини кибер ҳужум, радио электрон кураш воситаси ёки эскича усулда портловчи модда ёрдамида ишдан чиқаришга қаратилади.
Шунингдек, мақолада таъкидланишича, тезкорлик, аниқлик, махфийлик ва душманни чалғитиш амалларига таянган ҳолда жанг олиб боришнинг янги усулларини ишлаб чиқишга тўғри келмоқда.
Мақола муаллифларининг яна бир хулосаси: ҳатто, сунъий интеллект даврида ҳам зиддият ҳалигача кўп миқдорда шахсий таркибдан фойдаланишни кўзда тутмоқда. Учинчи хулосада йирик урушларнинг чегараси борган сари ноаниқ бўлиб қолаётгани, жанг пайтида ҳарбийлар, оддий аҳоли ёки тижорат компаниялари ўртасида фарқ қолмаётгани, улар аралашиб кетаётгани таъкидланган.