Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси вице-президенти Энсиё Хазалий билан учрашди.
Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги алоқалар, айниқса, савдо-иқтисодий ва сиёсий мулоқотлар изчил ривожланиб бормоқда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, халқаро тузилмалар доирасида шерикчиликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбатда дўст халқларимизни чуқур тарихий ришталар, ўхшаш менталитет, анъаналар ва маънавий қадриятлар боғлаб тургани алоҳида таъкидланди.
Кейинги йилларда давлат раҳбарларининг қатъияти туфайли Ўзбекистон – Эрон ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, жумладан, парламентлараро муносабатлар ҳам янги босқичга чиққани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат парламентлари олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида парламент назоратини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, меҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат ўртасида парламентлар, ҳукуматлар вакиллари, тадбиркорларнинг ўзаро амалий ташрифлари фаоллашганини қайд этди. Давлатларимиз ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликка оид имзоланган ҳужжатларнинг тўлақонли амалга оширилиши эса келажакда ўз самарасини беришига ишонч билдирди.
– Ўзбекистонда ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда, буни кўзимиз билан кўриб гувоҳи бўлдик, – деди Энсиё Хазалий.
– Айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда, уларнинг жамиятдаги роли ва ўрни оширилмоқда. Бу, албатта, таҳсинга сазовор. Шу маънода ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш икки мамлакат учун ҳам манфаатлидир.
Дўстона ва амалий руҳда кечган учрашув якунида истиқболдаги режалар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА