Конференцияда хорижий тузилма раҳбарлари нутқ сўзламоқда
Пойтахтимизда ўтаётган “Ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш – барқарор ривожланиш гарови” мавзусига бағишланган навбатдаги сессияда хорижий тузилмалар вакиллари иштирок этиб, маъруза қилмоқда.
Сиёсий таҳлилчи ва халқаро муносабатлар бўйича эксперт Жорж Айжан модераторлигида ўтган йиғилишда Канаданинг “Work Global Canada Inc” компанияси президенти Пол Шеллий ҳамда Швейцария “Globogate Concept AG” компанияси Бизнесни ривожлантириш бўйича бош менеджери Йохан Майерс ҳам сўз олиб, соҳада кузатилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, халқаро ҳамжамият интеграциялашуви, тажрибаси орқали ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.
– Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс вазифадир, – дея фикр билдирди Пол Шеллий. – Бугунги глобаллашув даврида мамлакатда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес лойиҳаларга йўналтирилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаш лозим. Ишбилармон вакилларга барча шарт-шароитлар яратиб, уларнинг аҳолини иш билан таъминлашга бўлган ҳаракатини рўёбга чиқариш мумкин.
Қайд этиш керак, охирги беш йилда юртимизда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу битта туманда 2,5 мингдан зиёд ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани.
Жорий йил 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши бошлангани тўғрисида маълумот берилди. Дастурга 2023-2024 йилларда жами бир миллиард доллар ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади.
Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ушбу дастур доирасида тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши алоҳида эътирофга сазовор.
Экспертлар таъкидлаганидек, мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имконият яратиш орқали фуқароларни ишли қилиш режаси ижобий тус олмоқда. Шундай экан, дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқ ва божхона маъмурчилигида, инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, ушбу янги тизим асосида 2023 йилда 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.
– Янги Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашни ўзининг энг устувор вазифаси деб билиши мени ҳамиша ҳайратлантирган, – деди немис Бундестаги депутати Стефан Майер. – Дунёнинг тараққий топган, ижтимоий-иқтисодий барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган демократик давлатлари қаторига киришини таъминлаш – амалдаги ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини ташкил этади.
Сессия давомида аҳоли бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликка 15 триллион сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар, деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилганига оид статистика эълон қилинди. Шу даврда 300 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, 20 минг корхона фаолияти кенгайтирилган. Ўтган бир йилда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга пасайиб, бир миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилган.
Бундан ташқари, тақдимот қилган мутахассислар Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилганига аҳамиятини қаратди. Айтишларича, бюджетдан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Буларнинг барчаси ҳар йили юзлаб янги боғча, мактаб ва шифохоналар қуриш имконини беради.
Инсон ҳукуқлари кафолати кучайтирилиб, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилгани, бунинг ортидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор бўлгани иштирокчилар эътиборини тортди.
Бандлик, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинар экан, ижтимоий соҳа вакилларини мажбурий меҳнатдан озод этиш, уларнинг фаолиятини ривожлантиришга ҳам эътибор кучайгани таъкидланди.
Сессия бахс-мунозара шаклида давом этди. Кейинги тадбирда ташқи меҳнат миграцияси соҳаси масалалари муҳокама қилинади.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА