Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, адолатли жамият ва самарали давлат бошқаруви тизимини яратишда юксак билимли ва малакали кадрлар авлодини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Самарали давлат бошқаруви тизимига ўтишда мамлакатимизда ҳам замон билан ҳамнафас, инновацион фикрлайдиган, ташаббускор раҳбар кадрлар, давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини оширишга устувор эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда хорижий тажрибалар қўл келаётир.

Германиянинг Ханнс Зайдель жамғармаси маҳаллий ва давлат бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ёш раҳбар кадрларнинг илғор тажрибалар асосида малакасини оширишни, профессионал давлат хизматчисини тайёрлаш вазифасини ўз олдига устувор мақсад қилиб қўйган.  Жамғарма 1967 йилнинг 11 апрелида Германиянинг Мюнхен шаҳрида рўйхатдан ўтган бўлиб, Бавария федерал ерининг собиқ ҳокими номи шарафига “Ханнс Зайдель” деб номланган.

Жамғарма 2002 йилдан буён Марказий Осиёда давлат хизмати ва маҳаллий бошқарув тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда у минтақадаги Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Хусусан, жамғарманинг юртимиздаги ваколатхонаси 2021 йилда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказилган.

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор давлат бошқаруви тузилмалари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Мазкур ҳамкорлик доирасида давлат хизматчиларининг касбий малакасини ошириш, олий таълимни такомиллаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, экология, маҳалла институтини ривожлантириш каби йўналишларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва жамғарма ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиб, ҳамкорликдаги халқаро тадбирлар (конференция, семинар, давра суҳбатлари)ни ўтказиш, давлат хизматчилари учун хорижий мамлакатларда малака ошириш курсларини ташкил этиш, халқаро экспертларни жалб қилишга келишиб олинди.

Фаолиятида яхши натижа кўрсатган ва Миллий кадрлар захирасига киритилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларидан 10 нафарини 2023 йилда Германиянинг Бавария бошқарув мактабида қисқа муддатли малака ошириш курсига юбориш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Қолаверса, 2021 йилда Давлат бошқаруви академияси ва жамғарма ўртасида 3 йилга мўлжалланган ўзаро англашув меморандуми ва ҳар йиллик молиялаштириш режаси тасдиқланган бўлиб, ўзаро ҳамкорликда қатор лойиҳалар, ўқув тренинглари амалга ошириб келинмоқда.

– Германияда ҳам юртимиздаги каби маҳалла, яъни ўзини ўзи бошқариш тизими мавжуд бўлиб, у “гемайнде” деб номланади, – дейди Ханнс Зайдель жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси офиси раҳбари Жавҳар Дўстов. – Мазкур бошқарув тизими кўнгиллилик асосида қўллаб-қувватланади. Шу ўринда “маҳалла бюджети” тизими ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Маҳаллий солиқ, тушумлардан шаклланадиган мазкур бюджет ҳисобидан маҳалланинг ўзи ўз ҳудудидаги муаммоларни жойида ҳал этади. Худди шу модель Ўзбекистонда ҳам пилот лойиҳа сифатида ҳар бир туманнинг биттадан маҳалласида жорий этилди. Ҳозирда лойиҳани такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ханнс Зайдель жамғармаси, шунингдек, Германияда таҳсил олаётган маҳаллий аҳоли ҳамда ушбу мамлакатда ўқиш истагидаги хорижликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бакалавр, магистратура ва докторантурада ўқиш учун стипендиялар таклиф этади. Стипендия соҳибларига жамғарма томонидан ойлик стипендия, тиббий суғурта учун қўшимча қисман тўлов ва болали талабалар учун нафақалар берилади. Ҳозирда икки нафар ҳамюртимиз ушбу стипендиантлар қаторидан жой олган.

 

Камола ЮСУПОВА, ЎзА