Инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Айниқса, оилаларда эр-хотин ўртасида юз бераётган нохуш ҳолатлар, шунингдек, хотин-қизларга, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг содир этилаётгани ушбу соҳадаги муносабатларни қайтадан кўриб чиқиб, тегишли чораларни белгилаш зарурлигини кўрсатди.

Бир ҳафтадан кейин Ўзбекистонда вояга етмаганларга қарши жинсий ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун судланган шахслар реестри пайдо бўлади.

Ўзбекистон Президенти 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бир қатор ўзгартиришлар қаторида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига қўшимча киритиши ҳам кўзда тутилган: уч ой ичида (яъни июль ойидан бошлаб) бир қатор жиноятлар учун судланган шахслар реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек ундан ахборот олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Мазкур реестр қуйидаги жиноятлар учун судланган шахсларни ўз ичига олади:

– қасддан одам ўлдирганлик;

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, жинсий алоқа қилишга мажбур этиш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик;

– вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик

– вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналар ташкил этганлик ёки сақлаганлик;

– Терроризм.

Мазкур реестрга киритилган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади.

Амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш” каби тушунчалар киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланди.

Эндиликда хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортилади.

 

М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА