Жаҳон банки Ўзбекистонга “Ўзбекистоннинг энергетика соҳасини трансформация қилиш учун инновацион углерод ресурслари” лойиҳаси доирасида 46 миллион 250 минг долларлик грант маблағларини тақдим қилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ахборот хизмати маълум қилди. Хабарда қайд этилишича, мазкур маблағлар энергия субсидияларини ислоҳ қилиш доирасидаги чора-тадбирларни рағбатлантириш учун ишлатилади. Улар энергия ресурслари истеъмолини ва иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга олиб келади. Хусусан, лойиҳа Ўзбекистонга «углерод кредитлари»ни (CО2 тонна эквивалентида ўлчанадиган, иссиқхона газлари эмиссияси қисқартирилган қисмининг миқдори) тўплаб бориш ва уларни халқаро углерод бозорларида сотиш имконини беради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Париж келишуви доирасидаги биринчи шундай халқаро ташаббус бўлиб, мамлакатга жаҳон углерод бозори механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради.

Лойиҳа энергетика соҳасида иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш ва Ўзбекистонда тоза энергия ишлаб чиқаришга ўтиш бўйича катта салоҳиятга эга. Унинг доирасида тегишли институтлар, инфратузилма, тизимлар, жараёнлар, касбий-техник салоҳият, шунингдек, Париж келишувида назарда тутилган углерод бозори механизмларида иштирок этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар яратилади ва синовдан ўтказилади. Лойиҳа тадбирлари мамлакатни келажакда бундай ташаббусларни янада кенгроқ амалга оширишга тайёрлайди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2028 йилгача ҳар йили Ўзбекистонга энергия субсидияларини ислоҳ қилиш натижалари учун рағбатлантирувчи тадбирлар сифатида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, улар эмиссияларни тасдиқланган қисқариши учун ажратилади. Прогнозларга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон эмиссияларни тахминан 60 миллион тоннага қисқартириши мумкин. Шундан тахминан 2 – 2,5 миллион тоннаси лойиҳа доирасида сотиб олинади. Қолган углерод бирликларини Ўзбекистон лойиҳа давомида яратилган ва синовдан ўтган тизим ва механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.

 

Ш.Маматуропова, ЎзА