Президент Администрацияси топшириғига асосан ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика идоралараро ишчи гуруҳи вакиллари ҳудудларда бўлиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Бу жараёнда муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш, жамоат хавфсизлиги ва йўлларда ҳаракат  хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилаётир.

Шу билан бирга ички ишлар органларида мурожаатлар билан ишлаш аҳволи, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши, ишсизлар ва соғлиғини йўқотган шахслар билан ҳамда низоли оилалар билан манзилли ишлаш аҳволи ўрганилмоқда.

ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, Қорақалпоғистонда ўрганиш ишлари якунланиб, кўплаб муаммоларга жойида ечим топилди. Хусусан, бевосита маҳаллаларга борган ҳолда аҳолининг кайфиятини кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож мингга яқин оила ўрганилди. Улардан келиб тушган 411 мурожаатнинг деярли барчаси ҳал этилди. Сайёр  қабуллар ўтказилиб, 162 мурожаат ҳал этилди, 972 нафар фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Бу жараён Бухоро вилоятида давом эттирилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари амалга ошираётган ишлар кўздан кечирилиб, фаолиятнинг натижадорлиги таҳлил қилинди.

Фаолияти давомида бир гуруҳ мутасадди раҳбарлар асоссиз хотиржамликка берилиб, бир қатор камчиликка йўл қўйгани ўрганишлар жараёнида аниқланиб, камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўрганишлар давомида 52 нафар туман-шаҳар сектор раҳбари, 2 минг 720 маҳалла бешлигига аҳолининг муаммоларини ҳал этиш борасида янги иш услубларини ўргатиш бўйича амалий семинарлар ташкил этилди.

Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва уларни диний экстремизм оқимларидан асраш бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бевосита маҳаллаларга борган ҳолда кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож тўрт минг оила ўрганилди. Улардан тушган 2 минг 361 мурожаатнинг 2 минг 309 таси ҳал этилди. Қолганининг ижроси сектор раҳбарларига топширилди.

Кўп қаватли уйларнинг ертўла, том қисми ва коммуникация тизими таъмирланиб, электр, табиий газ, оқова ва ичимлик суви тармоғидаги носозликлар бартараф этилди. Маҳаллалар ҳудудидан ўтган ички ариқлар ва каналларнинг 56 чақирим қирғоқлари тозаланди, 63 тонна маиший чиқинди олиб чиқилди.

Шунингдек, 3 чақирим йўл шағаллаштирилди, 4,7 чақирим асфальт ётқизилди, 7,1 чақирим йўл чизиқлари қайтадан чизилди,  пиёдалар ўтиш жойлари тикланиб, замонавий светофорлар, айрим йўл белгилари ўрнатилди. Табиий газ тармоғига уланмаган маҳаллалар аҳолисига 8 мингга яқин суюлтирилган газ баллони тарқатилди.

572 нафар фуқаро сайёр тиббий кўрикдан ўтказилиб, 76 нафар беморга тиббий хизмат, 29 нафар қарияга ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Соғлиғида муаммоси бўлган 146 нафар фуқарога жойига чиққан ҳолда бепул дори-дармон, зарурати бўлганларга  ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса, тирсакли қўлтиқ таёқ, даволаниш учун йўлланма (ордер) берилди, 54 нафарига санаторийларга йўлланма берилди.

Бозорлар ва олис маҳаллаларда озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилиб, аҳолига 43,6 тонна маҳсулот арзонлаштирилган нархда сотилиши таъминланди.

Меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 197 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 43 нафар ишсиз фуқаро доимий иш ўрнига, 25 нафари эса ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, 113 мурожаат ҳал этилди, 1,5 мингдан зиёд фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. 114 нафар алимент тўловчи қарздорлар иш билан таъминланди, 53 нафар шахсдан 312 миллион сўм миқдорида алимент пули ундириб берилди.

Профилактика инспекторлари томонидан 10 мингдан ортиқ  хонадон ўрганилиб, 414 ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ундан жабрланиши эҳтимоли юқори бўлган шахслар аниқланди ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун маҳалладаги бешликка бириктирилди.

Низоли оилалар ўрганиб чиқилиб, кўплаб оилавий муаммолар бартараф этилди, 23 нафар аёлга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилди.

104 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида ва 39 нафар фуқаро қайта якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳамда 821 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилиш бўйича давлат рўйхатидан ўтказилди.

Криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган комплекс тезкор-профилактик ва махсус тадбирлар натижасида 3 та жиноий ва 24 та маъмурий ҳолат аниқланиб, 1 нафар қидирувда бўлган шахс қўлга олинди. Илгари содир этилиб, очилмасдан қолган 7 та жиноят фош этилди. Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида ўтказилган махсус “Авторейд” тадбирида 1,3 мингга яқин қоидабузарлик аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Республика идоралараро ишчи гуруҳининг ҳудудлардаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА