Пойтахтимизда “Яшил тараққиёт”: Янги Ўзбекистон тажрибаси ва жаҳон тенденциялари” мавзусида халқаро тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида хорижлик мутахассислар қатор долзарб мавзуларда ўз маърузаларини тақдим қилди. Хусусан, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Европа ва Марказий Осиё минтақаси бош директори Борис Эрг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тикланиш ва иқлим ҳаракатлари соҳасида ҳамкорлик қилиш масалаларига тўхталди.

Шунингдек, у ўз маърузасида Ўзбекистонда озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланиш ва экотизимларни тиклаш, мамлакатнинг тоғли ва водийли ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш, Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш орқали зооноз касалликларнинг пайдо бўлишига ландшафт мослашувчанлигини ошириш каби қўшма грант лойиҳалари доирасида ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратди.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти “Яшил Марказий Осиё” Дастури бошлиғи Каролина Милоу эса “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида амала ошириладиган тадбирлар ва ташаббуслар бўйича умумий маълумот берди. Қолаверса, “Яшил Марказий Осиё: Марказий Осиё ва Афғонистонда иқлим, атроф-муҳит ва хавфсизлик масалалари бўйича трансчегаравий мулоқот” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир давомида Жаҳон банкининг атроф-муҳит бўйича катта мутахассиси Асферачю Абате томонидан Жаҳон банки молиялаштирадиган “Марказий Осиёнинг барқарор ландшафтлари” минтақавий лойиҳасини амалга ошириш доирасида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги экотизимлар масалаларида мулоқотни кенгайтиришга ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, тадбир давомида бутун дунёда “яшил тараққиёт”га эришишда Янги Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътироф этилди. Бунда жаҳон стандартларига тўлиқ мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда яна қатор муҳим ишларни амалга ошириш зарур эканлиги ҳам қайд этилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА