“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида ўтказилаётган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри эъзозланадиган диёр” шиори остида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” мавзусида миллий ва хорижий экспертлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этилди.
Чет эллик нуфузли меҳмонлар, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, 150 нафар маҳаллий раҳбар аёллар ва фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Шунингдек, “EVENT-ХОЛЛ”да халқаро эътирофга эга бўлган ўзбек брендларининг модалар намойиши, халқаро ва миллий тадбиркорлар, экспертлар иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Форумда чет элдан халқаро аёллар ишлаб чиқариш ва савдо федерацияси раҳбарлари, Заргарлик ва мода брендлари консультантлари, Евроосиё дизайнерлар ассоциацияси Президенти каби бизнесда катта ютуқларга эришган спикерлар ўз тажрибаларини иштирокчиларга улашди. Шу билан бир қаторда халқаро ва миллий тадбиркорларнинг B2B форматдаги учрашувлари, лойиҳалар муҳокамалари ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқалар хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Халқаро анжуманда қайд этилишича, аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада такомиллаштирилди.
Гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгиланди. Хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштирокини янада ошириш, уларни иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорлигини ривожлантириш учун ҳамкорлик режалари тасдиқланди.
Анжуманда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инновация, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида янги лойиҳа ва дастурларни тайёрлашга хизмат қилиши мумкин бўлган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА