Вена шаҳрида ОПЕКнинг 8-халқаро семинари иш бошлади. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги маълум қилди.
Хофбург саройида бўлиб ўтаётган тадбирнинг “Барқарор ва инклюзив энергияга ўтиш сари” номли асосий сессиясида энергия хавфсизлиги, технологик инновация, атроф-муҳит муаммоси, барқарор ривожланиш ва энергетика сиёсати каби муҳим мавзулар муҳокама қилинади.
ОПЕК Бош котиби Хайсам Ал-Ғайс мазкур семинарда дунёдаги жорий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, энергетика соҳасига тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама қилиш мақсадида кўплаб юқори даражали, нуфузли меҳмонлар – вазир, элчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, миллий ва хорижий нефть компаниялари раҳбарлари иштирок этаётганини билдирди.
Бундан аввалги семинар 2018 йил 20-21 июнь кунлари “Нефть – барқарор келажак учун ҳамкорлик” шиори остида Вена шаҳридаги Хофбург саройида ўтказилган ва рекорд даражадаги иштирокчилар – 50 дан ортиқ давлатдан 950 киши, 80 га яқин маърузачи, 60 вазир ва компания раҳбари, 19 ҳомий, 20 нафар кўргазма иштирокчиси ҳамда 200 дан ортиқ журналист ва таҳлилчиларни жамлаганди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА