Тошкентда “Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ҳамда микромолиялаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, халқаро молиявий институтлар ҳамда Германия, Япония, Сингапур давлатларидан экспертлар иштирок этган тадбирни Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров очиб берди.
Анжуманда Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт Дастури каби нуфузли институтлар, давлат ташкилотлари мутасаддилари, маҳаллий экспертлар, бизнесда муваффақиятга эришаётган тадбиркорлар ўз фикр, мулоҳазаларини билдиришди. Мутахассислар тавсияси, илғор тажрибаси асосида республикамизда кичик ва ўрта бизнес ҳамда микромолиялаштириш соҳалариини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.
Кичик ва ўрта бизнес рақобатбардошлигини ошириш, халқаро бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириш, инновация ва стартап йўналишларида ёшлар, хотин-қизлар иштирокини қўллаб-қувватлаш, рақамли ҳамда инновацион тадбиркорликка эътиборни кучайтииш масалалари уч қисмдан иборат давра суҳбатининг асосий мавзуларига айланди.
Микромолиялашни янада ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес субъектлари имкониятини кенгайтириш, молиявий инклюзивликни таъминлашда микромолия институтлари ролини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Сўнгги ўзгаришлар мазмун-моҳияти таҳлил этилди, микромолиялаштиришнинг кейинги босқичлари ва макро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар тингланди.
Тадбир якунида Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек микромолиялашни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар бўйича ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Халқаро экспертлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан интер фаол мулоқот ўтказилиб, тадбиркорларнинг соҳани ривожлантиришга қаратилган мулоҳазалари тингланди, фикрлар умумлаштирилиб, тегишли хулосалар ишлаб чиқилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА