Туркияда Ўзбекистонга ота юрт сифатида катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарашади

Ўзбекистон заминига учинчи марта келишим. Туркияда Ўзбекистонга ота юрт сифатида катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарашади. Ҳар гал юртингизга келганимда кенг қамровли ўзгаришларга гувоҳ бўламан.

Тошкентдан Самарқандга боргунимизча кўзни қувнатадиган табиат гўзалликлари, зумрад кенгликлар, ажиб боғлар, меҳнатсевар халқингиз қўли билан янада тароватли кўриниш касб этган далаларни кўриб кўнглимиз, кўзимиз ҳузурланди.

Мўъжизакор юртингизда кўплаб миллат ва элат вакиллари сафида туркларнинг ҳам ягона, аҳил оила фарзандларидек истиқомат қилаётганидан бошимиз кўкка етди. Улар таълим-тарбия, тиббиёт, ишлаб чиқариш, санъат ва маданият, илм-фан, тадбиркорлик соҳаларида самарали меҳнат қилаётгани эътиборга молик.

Азалдан ўзбек ва турк халқлари тили, эътиқоди, тарихи бир, тақдири туташ, қон-қариндош саналган. Атоқли ўзбек шоири, мутафаккири Алишер Навоий бизнинг ҳам даҳо шоиримиздир. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорийга бизнинг юртда ҳам катта эҳтиром билан муносабатда бўлишади. Нақшбандия тариқатидаги алломалар биз учун ҳам жуда мўътабар зотлардир. Буюк Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддуни, илм-фани ривожига оид бебаҳо мероси бутун башариятнинг маънавий мулкидир. Улар мангу ором топган жойларни зиёрат этиш инсонга чексиз ҳаяжон, руҳий сокинлик, маънавий қувват, юксалиш бағишлайди.

Кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб, ривожланиб бормоқда. Бу жиҳатлар сиёсий, иқтисодий соҳалар билан бирга маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳам намоён бўлмоқда. Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшаси – Хоразм, Фарғона, Бухоро-ю Самарқанд, Тошкент ўз кўрки, файзи, тароватига эга масканлардир. Ўзбекистон тарихи бой ва бетакрор, бугуни фаровон, эртанги куни янада ёруғ мамлакат сифатида қалбимизга муҳрланган.

Маҳмуд Арслан,
“Ҳақ иш” Туркия касаба уюшмалари
конфедерацияси президенти.

 

ЎзА