Куала Лумпур шаҳрида ўтказилган Осиё футбол конфедерацияси Ҳакамлар қўмитасининг йиғилишида футбол ҳакамларининг малакасини ошириш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди.

Осиё футболининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган ва жаҳон стандартларига асосланган ҳакамлик тамойилларига бағишланган анжуманда ЎФА биринчи вице-президенти, ОФК Ҳакамлар қўмитаси раиси ўринбосари Равшан Эрматов иштирок этиб, футбол ҳакамларини тайёрлашда Ўзбекистон футбол ассоциациясида янги лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини билдириб ўтди.

Йиғилишда “AFC Video Match Officials” расмийлари гуруҳини ташкил этиш, ОФКга аъзо ассоциацияларнинг 2025-2026 йилларга мўлжалланган халқаро ҳакамлар квоталари ҳамда ОФКнинг 2023-2027 йил учун ҳакамларни тайинлаш бўйича қуйи қўмитаси аъзолари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, ФИФА мусобақаларида осиёлик расмийларнинг сони рекорд даражага етгани, жаҳон футболининг энг муҳим учрашувларини минтақамиз вакиллари назорат қилаётгани қайд этилди.

Анжуман якунида яқинлашиб келаётган Осиё чемпионатига ҳакамларнинг тайёргарлик режалари муҳокама қилинди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА