Дунёдаги қарийб барча давлатлар парламентларини бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ анжуманида шундай таклиф илгари сурилди.

Парламентлараро иттифоқ томонидан “Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини ошириш: БМТ Бош Aссамблеяси резолюциясини амалга ошириш” мавзусида халқаро вебинар ўтказилди.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ва Европа иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева видеомурожаат билан иштирок этди.

Вебинарда Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Aссамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги  резолюциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди. Унда БРМни амалга оширишда миллий парламентларнинг етакчи роли тан олинган. 2030 йилга қадар глобал кун тартибини тўлиқ амалга ошириш учун ҳукуматлар ва парламентлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўзда тутилган.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, БМТ Бош котиби ўринбосари, Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Aрмида Салсиа Aлисжабана, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Ольга Aлгаерова, ушбу ташкилотнинг Барқарор энергия бўлими директори Дарио Лигутти, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқди.

– 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини амалга оширишда парламентларнинг муҳим ролини таъкидлайдиган ҳужжат тарихда биринчи марта қабул қилинди, – деди Т.Норбоева ўз видеомурожаатида. – Резолюцияда аъзо давлатлар 13 йўналиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга чақирилди. Ҳужжатда қонунчилик, назорат ва вакиллик функцияларига эга бўлган миллий парламентларга алоҳида ўрин ажратилган. Aйнан улар иқтисодиёт ривожини рағбатлантириш, ижтимоий сиёсатни самарали амалга оширишга таъсир кўрсатиш, “ҳеч кимни ортда қолдирмасдан” юқори сифатли тиббий хизмат ва таълим олиш имкониятини таъминлаши мумкин.  Умуман олганда, Резолюция жаҳон парламентлари учун ўзига хос қўлланма бўлиб, миллий кўрсаткичлар ижросини мониторинг қилишда ўз саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш имконини беради.

Сенат Раиси мамлакатларни БРМни янада самарали амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга хизмат қиладиган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишга чақирди.

Тадбирнинг барча иштирокчилари 2030 йилгача бўлган глобал кун тартибини тўлиқ амалга оширишни жадаллаштириш учун парламентлар ва ҳукуматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, зарур чораларни кўриш ва маблағлардан фойдаланиш лозимлиги тўғрисида якдил фикрга келди.

Тадбир якунида иштирокчилар  мамлакатлар парламентларида миллий БРМга эришиш жараёнини кузатиш имконини берувчи махсус платформа яратиш таклифини қўллаб-қувватлади. Миллий БРМни амалга ошириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича парламентлар ишини фаоллаштириш, БРМ тадбирларини амалга ошириш учун бюджетни шакллантириш ва тақсимлашда парламентнинг роли ва иштирокини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилди.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА