Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ғоят қизғин руҳда ўтмоқда. Ҳафталикнинг иккинчи кунида асосан ижтимоий соҳалар ривожига бағишланган Халқаро форумлар, анжуманлар, мулоқотлар, тақдимотлар бўлиб ўтди.

Жумладан, «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги халқаро форумнинг илк куни ғоят ишчан руҳда ўтди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларни ҳимоялаш, манфаатларини таъминлашнинг илгари мисли кўрилмаган янгича тизими яратилганини алоҳида таъкидладилар. Бу жиҳатлар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиниши, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий муҳофазаси, опа-сингилларимизнинг хизмат пиллапояларидан юқориланиши, тадбиркорлиги, илғор ғояларини қўллаб-қувватлашга доир амалий ташаббуслар билан бевосита боғлиқдир.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда аёлларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида ибрат олишга арзигулик механизм яратилганини алоҳида эътироф этдилар. Шу билан бирга соҳада мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун халқаро ҳамкорликни кенгроқ йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу куни «Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият», «Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси» каби мавзуларда халқаро конференциялар ҳам ўтказилди. Унда янги Ўзбекистоннинг инновацион стратегияси, олий таълим, илм-фан ва инновацион тараққиёт масалаларига доир тақдимотлар ўтказилди.

Назокат УСМОНОВА, Алимурод МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА.