Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.

Конференция Янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга татбиқ этиш, кенг жамоатчиликни Янги Ўзбекистонда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди.

–Ўзбекистон жойлашган замин қадимда икки буюк уйғониш даврига бешик бўлган, – дейди Ҳ.Умарова. – Бу қутлуғ масканда Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Термизий, Улуғбек, Жомий, Навоий каби буюк даҳолар етишиб чиққан. Ушбу улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлиш учун сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасига катта эътибор берилмоқда. Аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи 29 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун таълим катта стратегик масала.

2030 йилга қадар таълим тизимида қандай ишлар амалга оширилиши хусусида “Таълим — 2030” концепциясида аниқ белгилаб олинган. Ушбу концепция доирасида ҳозирга қадар соҳада кўплаб натижаларга эришилди. Мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мамлакатда муҳим масала сифатида белгиланиб, охирги 5 йил ичида болаларнинг қамрови 27 фоиздан 72 фоизга етди. 2030 йилга барча болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган. Охирги 5 йил давомида 261 та янги мактаб қурилиши, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобига қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Педагогларнинг жамиятдаги обрўси ва қадр-қимматини ҳимоялаш борасида фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Мамлакатимиз илк бор таълим сифатини баҳолаш халқаро тадқиқотлари (PISA, PIRLS, TIMMS)да иштирок эта бошлади. Global innovatsion indeksнинг Инсон капитали йўналишида 2022 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жами 131 та мамлакат ичида 7 поғона юқорилаб, 65-ўринни қайд этди.

Форум давом этмоқда.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА