Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилига бағишлаб ташкил этилган «Навқирон Ўзбекистон» республика ёш ижодкорларининг замонавий санъат кўргазма-танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов мамлакатимизда тасвирий санъат соҳасида изланаётган ёшларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Навқирон Ўзбекистон» ижодий лойиҳасининг мақсад ва вазифалари ҳам замонавий санъатнинг ўрни ва таъсирини кучайтириш, ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг юртимиз тасвирий санъати жараёнидаги иштирокини фаол қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Мазкур кўргазма-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан замонавий санъат асарлари яратишда фаоллик кўрсатаётган 23 ёшдан 35 ёшгача бўлган иқтидорли йигит-қизлар иштирок этди.

«Навқирон Ўзбекистон» лойиҳаси учун тақдим этилган ижодий ишларнинг барчаси ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва сараланди. Кўргазмада 60 нафарга яқин ижодкорнинг 150 дан ортиқ ижодий иши намойиш этилди. Ушбу лойиҳа ёшлар ижодидаги ютуқ ва камчиликларни атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, уларнинг салоҳиятини тўғри йўналтириш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди.

«Навқирон Ўзбекистон» республика ёш ижодкорлар кўргазма-танловида Дилбек Тўхтақулов биринчи ўринга муносиб топилди. Иккинчи ўрин Улуғбек Юсуповга, учинчи ўрин Исомиддин Эшқуловга берилди.

Шунингдек, «Дебют» иштироки учун Сардор Каримов, «Оригинал ижодий ғояси» учун Гулноз Жалолова, «Ижодий изланишлардаги хилма-хиллик» учун Мирали Маҳмудов тақдирланди. Азиза Гаджиева, Дилшод Ваҳобов, Эрик Қулманов рағбатлантирувчи совринга муносиб топилди.

Айтиш керакки, мазкур ижодий лойиҳа ёшлар маҳоратини чархлашда ўзига хос майдон вазифасини ўтагани шубҳасиз.

Назокат Усмонова,  

ЎзА