Бугунги Ўзбекистон бундан олти-етти йил аввалги Ўзбекистон эмас. Буни наинки мамлакатимиз, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Пойтахтимизда ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигида ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур маърифий ҳафталикда дунёнинг қарийб барча қитъасидан, яъни 60 дан ортиқ мамлакатдан 450 нафардан зиёд давлат арбоблари, сиёсатчилар, олимлар, йирик бизнес вакиллари, экспертлар, элчихоналар, халқаро ташкилотларнинг мутассаддилари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жаҳонда Янги Ўзбекистон сифатида эътироф этилаётган Ватанимиздаги ўзгаришлар ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий соҳа, маданият ва санъат, илм-фан, инновацияларда яққол кўзга ташланаётганини таъкидлади. Айни пайтда мазкур ижобий ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини устувор билишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун одамлар дарду ташвишини ўрганиш, уларга ўз вақтида оқилона ечим топиш, мавжуд муаммоларни жойларга чиқиб таҳлил этиш, камчиликларга қисқа фурсат давомида барҳам бериш масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган туб ижобий ўзгаришларда устуворлик касб этмоқда. Таълим, маданият ва маърифат, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик борасидаги ислоҳотлар жараёнида халқимиз, кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиш, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини таҳлил қилиш, илғор ташаббусларни ҳаётга кенг жорий этиш борасида мисли кўрилмаган қадамлар ташланди. Эндиликда Ватанимиздаги кенг қамровли ва шиддатли тус олган ўзгаришлар “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб дадил одимлаётганини дунё ҳамжамияти юксак эътироф этмоқда. Айни пайтда бу борадаги позитив ўзгаришларни ибрат сифатида тан олмоқда.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан олиб бораётган очиқ, конструктив, ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган сиёсати унинг дунё миқёсидаги обрўси ва нуфузининг тобора юксалишида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигининг бош мақсади – хорижий ва мамлакатимиз экспертлари, таҳлилчилари, олимлари ва сиёсатчилари ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва галдаги долзарб вазифалар, мамлакатда юзага келаётган мутлақо янгича ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлатимизнинг ташқи ва ички сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишдан иборатдир.
Ўзаро баҳс ва мунозараларга, самимий суҳбатларга бой тарзда кечган мулоқотда “Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналарида тарихий шахслар ва сюжетлар” номли кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
“Янгиланган Конституция: ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси” номли халқаро анжуманда янгиланган Бош қомусимизнинг жамиятда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий давлат барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва бошқа долзарб масалалар бўйича мулоқот қилинди.
Шу билан бирга “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси”, “Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати”, “Янги Ўзбекистон – қулай бизнес муҳити” номли шўъба йиғилишлари қизғин мулоқотлар, баҳс ва мунозараларга, самимий суҳбатларга бой бўлди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири