Маълумки, жорий йилнинг май ойида “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 81-сонли Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 июлдан “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилиниши белгиланди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди.Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди.

Бундан ташқари 2023 йил 1 декабргача туманларда (шаҳарларда) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади.

2025 йил якунигача республика ҳудуди бўйича атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни прогнозлаш ва аҳолини барвақт огоҳлантириш тизими синов тариқасида жорий этилади. 2024 йил якунигача ҳудудларни экологик баҳолаш бўйича индикаторлар асосида “eco-indicator.uz” рейтинги шакллантирилади ва ҳар бир ҳудуднинг экологик паспорти эълон қилинади. Фармонга мувофиқ, Миллий табиий мерос объектлари рўйхати жорий этилади.

2024 йилдан, жумладан, қуйидагилар учун ҳар йили 500 миллиард сўм ажратилади:

– “яшил белбоғ”, “яшил боғ” ва “яшил жамоат парк”лар ҳамда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва доимий фойдаланувчига топширилгунга қадар сақлаб туриш;  

– асосий темир йўл ва магистрал автойўллар бўйида дарахт кўчатларини экиш;  

– ҳар бир туман ва шаҳарда 5 гектардан кам бўлмаган майдонларда боғлар барпо этиш учун ажратилади.  

2023 йил якунигача ҳар бир давлат ташкилоти ва ҳокимликнинг ўз боғлари ташкил этилади ҳамда 3 йил давомида парваришланади.

Батафсил:  

М.Турдалиева, А.Содиқов ЎзА