Йенс Столтенбергнинг НАТО Бош котиби лавозимидаги фаолияти муддати яна бир йил узайтирилди. Унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган:

– НАТО иттифоқчиларининг ваколатимни 2024 йил 1 октябргача узайтириш тўғрисидаги қарорини юксак баҳолайман.

Шу тариқа Шимолий Атлантика альянсини бошқариб келаётган амалдаги раҳбарнинг ваколати тўртинчи бор узайтирилди. Столтенберг 2022 йил 1 октябрда курсисини топшириши керак эди, бироқ ўша йил март ойида ўтган Альянс саммитида иттифоқчи давлатлар раҳбарлари Украина атрофидаги воқеалар асносида унинг мандатини 2023 йил 30 сентябргача узайтириш юзасидан қарор қабул қилишди.

Аввалроқ Бош котибнинг ўзи 2023 йил сентябрдан кейин лавозимини тарк этишини эълон қилган. Оммавий ахборот воситалари эса иттифоқчилар ўртасидаги келишмовчилик туфайли ўтган йил мобайнида унга муносиб ворис топишнинг имкони бўлмагани ҳақида хабар тарқатишган.

НАТО Бош котиби бўлиб энг узоқ муддат хизмат қилган шахс – голландиялик Йозеф Лунс 1971 йилдан бошлаб 13 йил давомида айни вазифада ишлаган. Тўққиз йиллик муддат билан Столтенберг ҳозирча бу борада иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

ЎзА