Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Юртимизда болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди депутат Даврон Арипов. — Мазкур қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганлик даврида содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахсга, ўз ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгитдан бошлашига имкон беради.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА