Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 июнида “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан 2023-2027 йилларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Концепцияда белгиланган тадбирлар 5 босқичда амалга оширилади:
Биринча босқич (3–7 ёш), иккинчи босқич (7–10 ёш), учинчи босқич (11–17 ёш), тўртинчи босқич (18–21 ёш), бешинчи босқич (22–30 ёш).
Қарорга кўра, маҳаллалардаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Эзгу амал” саховат карвонлари ташкил этилади.
“Амир Темур издошлари”, “Жалолиддин Мангуберди ворислари” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилади.
Ёшлар ўртасида 4 босқичда (маҳалла – туман – вилоят – республика) “Шунқорлар” ҳамда “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА