«Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари дастуридан бир қатор спорт турлари ўрин олган бўлиб, ҳозирда барча терма жамоаларимиз йилнинг энг муҳим спорт ўйинларига тайёргарлик жараёнларини олиб бормоқда.

Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов кураш ва жиу-житсу бўйича терма  жамоаларимизнинг олиб бораётган ҳозирлиги билан танишди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутахассислари иштирок этган йиғилишда Осиё ўйинларига тайёргарлик давлатимиз томонидан тўлалигича қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди. Ишончга муносиб бўлиш, ўқув-машғулот тизими, спортчи ва мураббийларнинг техник-тактик ҳолати, руҳий ва жисмоний имкониятлари таҳлил этилди. Осиё ўйинларида рақиб жамоалар, уларнинг имкониятларини ўрганиш масаласи, кутилаётган медалларнинг сони ҳамда сифати муҳокама қилинди.

Қайд этиш жоиз, миллий спорт туримиз кураш 2018 йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида азалий қадриятларимизни тарғиб этиш билан бирга Ўзбекистон спорт делегациясига энг кўп олтин медаль келтирган спорт тури ҳисобланади. Суҳбат давомида курашчиларимиз Хитойда ҳам делегациямизнинг муваффақиятига катта ҳисса қўшишни мақсад қилаётгани билдирилди.

Ўз навбатида, жиу-житсу бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларининг режалари хусусида сўз юритилиб, ҳар бир спортчининг ҳолати борасида мутахассислар ахборот берди.

Мулоқот якунида спортчиларнинг фармакологик таъминотини кучайтириш, уларни тизимли тарзда кўрикдан ўтказиш, ишлаб чиқилган тайёргарлик режасини яна бир карра таҳлил этиш бўйича қўшимча тавсиялар айтиб ўтилди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА