Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Асакабанк» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан махсус малака ошириш курсларини ташкил этишини маълум қилди.
Малака ошириш дастури давомийлиги 36 соатни ташкил этади. Машғулотлар онлайн ёки оффлайн шаклда 3 ҳафта давомида ҳафтасига 5 кун олиб борилади. Малака ошириш курси Буюк Британиянинг Де Монтфорт ва Сундерланд университетлари магистрлари томонидан олиб борилади.
Дастур Буюк Британиянинг умумэътироф этилган материаллари ва услублари асосида тайёрланган ва фармацевтика ва соғлиқни сақлаш ташкилотларида фаолият юритувчи барча олий ва ўрта махсус маълумотли ходимлар ҳамда мутахассислар учун мўлжалланган.
Фармацевтика техник университети томонидан ўтказиладиган малака ошириш курслари бепул бўлиб, қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:
«Дори воситаларининг сифатини лойиҳалашга кириш» (Pharmaceutical Quality by Design);
«Фармацевтлар учун бошланғич инглиз тили» (General English for Pharmacists – A1)
Малака ошириш курсларида иштирок этиш истагида бўлган номзодлар ўзлари ҳақидаги маълумотлар (ариза)ни ушбу ҳаволада https://phtu.uz/news/64800d4a3257f291e51f76f5 келтирилган жадвал кўринишида тақдим этишлари лозим. Тўлдирилган аризани info@pharmatechuni.uz электрон почта манзилига юбориш мумкин.
Ариза тақдим этиш муддати жорий йил 18 июлга қадар.
Реклама
ЎзА