Сўнгги йиллар юз бераётган иқлим ўзгаришлари олим ва мутахассисларни бирдек ташвишга солаётгани матбуот ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган масалалардан бири, десак, тўғри бўлади. Россиялик иқлимшунос Алексей Кокориннинг кузатув ва таҳлилларига кўра, табиатдаги кескин ўзгариш тўхтовсиз давом этаверса ва бу офатга қарши ҳеч қандай амалий чоралар кўрилмаса, XXI аср сўнгида 3 миллиардга яқин одам, яъни ер юзи аҳолисининг 30 фоизга яқини экологик вазият, айниқса, сувсизликдан ўз истиқомат жойларини ўзгартиришга мажбур бўлади.
Мутахассиснинг фикрига кўра, салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин. Аммо кўрилган чора-тадбирлар кўнгилдагидек натижа берганида ҳам ер юзи аҳолисининг 10 фоизига яқини ичимлик суви илинжида ўз ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлади.
Шу ўринда Париж битимига аъзо давлатлар бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда, деган савол кўндаланг бўлади.
Маълумки, Париж битими иқлим ўзгариши, 2020 йилдан атмосферада иссиқлик газлари миқдорини камайтириш юзасидан чора-тадбирларни тартибга солиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дастлабки Конвенцияси доирасида қабул қилинган ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур битим 2015 йил 12 декабрда Парижда бўлиб ўтган Иқлим бўйича конференцияси чоғида Киото протоколининг ривожи сифатида қабул қилинган.
Ҳужжатни БМТга аъзо 175 та давлат, жумладан, Франция, АҚШ, Буюк Британия, Хитой ва Россия каби катта давлатлар ҳам имзолаган.
Тадқиқотчилар сайёрадаги ҳароратни ҳаётий муҳим меъёрда ушлаб туриш учун атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдори 2030 йилга бориб 45 фоизга камайтирилиши зарурлиги ҳақида бонг уради.
Афсуски, бугун вазият ижобий томонга ўзгарди, деб айта олмаймиз.
АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳавога ис гази чиқишни 2050 йилга бориб, Хитой ва Россия 2060 йил, Ҳиндистон эса 2070 йилга бориб тўлиқ назорат қилишни режалаштирган.
Барча саъй-ҳаракатлар глобал исиш суръатини 1,5 цельций миқдорида ушлаб туриш, 2100 йилгача ўртача ҳаво ҳароратининг саноатгача бўлган даврга нисбатан 2 градусга ошишига йўл қўймасликдан иборат бўлиб турибди.
Аммо бу осон бўлмайди.
ЎзА