Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар сифатини ошириш, ичимлик суви ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ичимлик сувидан фойдаланишни давлат томонидан назорат қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ норматив-хуқуқий хужжатларда қўлланилган асосий тушунча ва атамаларни ягона шаклга мослаштириш назарда тутилган.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини алоҳида эътироф этдилар. Айниқса, Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурида ҳам мамлакат аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, мавжуд сув чиқариш иншоотларини модернизация қилиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларини ривожлантириш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш борасида алоҳида мақсад ва вазифалар белгилаб олингани таъкидланди.
Мажлисда фракция аъзолари қонун лойиҳаси бугунги кун талабларига тўла мос келишини инобатга олиб, уни иккинчи ўқишда қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгитдан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазосинниг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда.
Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганлик даврида содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахсга, ўз ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгитдан бошлашига имкон беришини таъкидлаб, уни маъқулладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА