Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Бугун мамлакатимизда Ҳайит байрами нишонланишига қарамасдан барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

Нукус шаҳридаги 28-сайлов участкасида 2 минг 165 нафар фуқаронинг овоз бериши учун барча шароитлар яратилган. Ушбу участкада 28 нафар ёш биринчи марта овоз беради. Юсуповлар оиласи ёзги таътилга чиқиши муносабати билан муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкага келди.

Шунингдек, Нукус шаҳри “Чимбой чойхона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 12-сонли сайлов участкасидан Ихлосбой Жумабаев ва Дилшода Сапарниязовалар муддатидан олдин овоз берди.

1-Қорақалпоғистон сайлов округи ҳудудидаги 654 та сайлов участкасига маҳаллий ҳокимлик тавсиясига кўра эл орасида обрўга эга 6 минг 266 нафар комиссия аъзоси тасдиқланган. Ушбу комиссия аъзолари қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларидан иборат. Уларнинг 50,9 фоизи хотин-қиз ташкил этади.

Оролбўйининг барча сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА