Сўнгги йилларда мамлакатимиз яшил майдонларида ФИФА ҳамда ОФК тизимидаги нуфузли мусобақаларни ўтказиш одат тусига кириб бормоқда. Турли ёш тоифасидаги қитъа биринчиликларининг Ўзбекистонда ташкил этилиши имкониятлар кўламини кенгайтирди.

Хусусан, ФИФА Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Ўзбекистон футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионати мезбони этиб белгиланди.

Ушбу нуфузли мусобақани юртимизда ўтказиш борасида ташкилий қўмита томонидан ФИФАга мавжуд инфратузилма юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Учрашувлар ўтказилди. Машғулот залларини ФИФА талабларига, хусусан, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасидаги ҳаракатлар бошланди. Ўз ўрнида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ФИФАга жаҳон чемпионати ўйинларининг ўтказилиши мўлжалланаётган 10 га яқин мажмуа ва спорт заллари ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабарига кўра, бир неча кундан сўнг ФИФА вакиллари жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистонда футбол инфратузилмасини ўрганиш, таҳлил қилиш мақсадида юртимизга ташриф буюради. Маҳаллий ва ташкилий қўмита ҳамроҳлигида мусобақага мезбонлик қилиши кутилаётган мажмуалар, мавжуд инфратузилма билан танишади. Машғулот заллари, меҳмонхоналар, аэропорт, вокзал ва йўллар ўрганилади.

Т. Рўзиев, ЎзА