Олий Мажлис Сенатида Глобал баҳолаш ташаббуси экспертлари миссияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Глобал баҳолаш ташаббуси амалдаги маълумотларни мониторинг қилиш, баҳолаш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришда мамлакатларга ёрдам берадиган ташкилотлар ҳамда экспертларнинг глобал коалицияси ҳисобланади.
Мулоқот чоғида Сенатда бюджетни кўриб чиқиш, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ўрганиш, ҳукумат аъзоларининг ҳисоботини эшитиш ва улар томонидан ахборотлар тақдим этиш ҳамда миллий БРМларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди.
Янгиланган Конституцияга мувофиқ Сенатнинг ваколатларини кенгайтириш ва ролини кучайтириш, унинг мамлакат миллий стратегияларини шакллантириш ҳамда амалга ошириш жараёнидаги иштироки, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг давлат дастурлари ва минтақавий дастурларни ишлаб чиқиш тартиб-таомилига жалб этилгани алоҳида қизиқиш уйғотди.
Экспертлар Сенат қўмиталари ва Кенгаши мажлисларини ўтказиш тартиби ҳамда муддатлари, улар томонидан назорат тадбирларини ўтказишда маълумотлар тўплаш тартиб-таомили ва методологияси, Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ҳузурида ташкил этилган экспертлар гуруҳлари фаолияти, шунингдек, уларнинг қўмиталар фаолиятига жалб этилганлик даражаси билан қизиқди.
Н.Абдураимова, ЎзА