22 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг қирқ иккинчи мажлисида дастлаб “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса, қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратмоқда.
Мазкур қонун соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва уни тартибга солувчи ягона қонун сифатида ишлаб чиқилган. Қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг асосий принциплари белгиланмоқда.
Эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.
Эътиборли жиҳати, жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилади.
Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишга оид фаолиятни услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш Адлия вазирлигига юклатилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга, шунингдек, амалдаги ҳамда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатининг ошишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.
Амалдаги «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 8, 9 ва 10-моддаларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинган.
Бироқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорларига нисбатан бериладиган шикоятлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинмаган деган важлар билан юқори инстанция судлари томонидан қайтарилиши ҳолатлари юзага келмоқда.
Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва маъмурий судларга даъво ариза, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қонуннинг қабул қилиниши давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш механизмлари янада такомиллаштирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ижро жараёнларини амалга оширишда аҳолига кенг қулайликлар яратилмоқда.
Амалга оширилган ишларга қарамасдан, ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги, ушбу соҳада тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Сенаторлар, агар қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган қарздорлик суммаси жариманинг энг кам миқдоридан ҳам кам бўлган бўлса-да, қарздорликка нисбатан юқори миқдордаги жарима тайинланиши ижтимоий адолат принципларининг бузилишига, бу эса қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигига ҳамда мазкур ҳолат табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилиб, бу бартараф этилмоқда.
Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун қарздорга нисбатан адолатли жарима тайинланишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида суиистеъмолчиликларнинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олди олинишига, шунингдек, назорат кучайтирилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизда наркологик касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, наркологик касалликларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан мазкур қонунга ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилишини, шунингдек, мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Яна бир киритилаётган қўшимчалардан бири фуқароларнинг наркологик текширувдан ўтказилишини, маслаҳат берилишини, ташхис қўйилишини, наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини давлат кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш ташаббуси билан чиқадиган шахслар доирасини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда наркологик ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат молиявий ресурсларининг самарали бошқарилиши, бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши устидан давлат молиявий назорати тизимини такомиллаштириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларининг ижроси самарали ташкил этилишини таъминлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда Ҳисоб палатаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, амалга ошириладиган назорат тадбирларининг мақсадлари ва тартибини белгилаш, шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишда Ҳисоб палатасининг вазифаларини аниқлаштириш зарурати долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан ушбу қонунда Ҳисоб палатасига оз миқдорда талон-торож қилинганлиги ва давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги, Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати органларига эса оз миқдорда талон-торож қилинганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузиш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ҳисоб палатасининг ўз иш режалари, молиявий ҳуқуқбузарликлар ва уларни бартараф этиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг веб-сайтига жойлаштиришга ҳамда жамоатчиликни ўз фаолияти ҳақида ҳар чоракда хабардор қилиб боришга доир мажбуриятларини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган назоратнинг шакллари ва турлари кенгайтирилиб, тафтиш, текшириш ва ўрганишга оид назорат тадбирларининг фарқли томонлари очиб берилган ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ҳисоб палатасининг фаолиятини тўғри ташкил этиш, бюджет маблағлари устидан тизимли назорат ўрнатиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати