Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга берилаётган алоҳида эътибор, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар учун яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар туфайли нафақат юртимизда, балки чет элларда фаолият юритаётган ўзбек фирмалари ва корхоналари ҳам Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қарамоқда.

“Art tv” МЧЖ ҳам бир неча йилдан бери Ўзбекистон ва Туркия орасидаги маданий, иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда. Жамоамизнинг асосий вазифаларидан бири республикамизга инвестиция киритиш. Айни шу мақсадда Истанбулда гуруҳ сифатида фаолият юритамиз.

Куни кеча Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Бош консули Амирсаид Аъзамхўжаев ва Турк дунёси иш инсонлари ташкилоти раҳбари доктор Aлаттин Буюккая билан мамлакатимизга инвестиция киритиш орқали иқтисодий алоқани янада ривожлантириш тўғрисида суҳбатлашдик.

А.Аъзамхўжаев икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқани ривожлантиришда асосий эътиборни етакчи тармоқларга қаратиш муҳимлигини таъкидларкан, хорижлик ишбилармонлар учун Ўзбекистон ҳар томонлама қулай, имконияти чексиз давлат эканини аниқ, ишончли мисоллар билан тасвирлаб берди.

Жаноб Aлаттин Буюккая эса ўз фикрини, ҳис-туйғуларини шундай ифода этди:

– Ўзбекистон бизнинг ота юртимиз. Ҳукумат бу қадар кенг имконият таклиф қилаётгани учун эмас, балки бир миллат бўлганимиз учун республика иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшайлик. Ўзбекистон Марказий Осиёданинг энг гўзал, бетакрор ўлкаси. Унутилиб бораётган урф-одатларимиз, анъаналаримизни кўрмоқчи бўлсангиз, Ўзбекистонга боринг. Ота тупроғимизни тўйиб-тўйиб ҳидланг, ҳукумат тақдим этаётган барча имкониятлардан тўғри фойдаланинг. Биз бу борада қўлдан келганча ёрдамга шаймиз. Келинг, жипслашайлик, бир бўлайлик.

Учрашувда “İnternova Group” компанияси ва “Mafredi” фабрикаси вакиллари ҳам қатнашди.

1983 йилдан бери Европа ва Болқон бозорларини забт этиб келаётган “Mafredi” пайпоқ фабрикаси раҳбари Ориф Яйлa хорижлик тадбиркорлар учун яратилган қонуний қулайлик ва енгилликлар туфайли диёримизга инвестиция киритиш ниятида эканини очиқлади.

Денизли вилояти фаолият олиб борувчи “İnternova Group” раҳбари Aҳмет Meлиҳ Teкин Ўзбекистоннинг тош-тарозисини яхши билгани ҳолда, ўз лойиҳаси билан боғлиқ илк инвестицияни айнан бизнинг мамлакатимизга йўналтириш қарорини билдирди.

Нодира Қаюмова, “Art tv” корхонаси раҳбари