Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Дунёдаги энг йирик ахборот агентликларидан бири бўлган Синьхуа сайтида ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимовнинг “Ўзбекистон – Хитой муносабатлари улкан истиқболга эга” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

“Хитойнинг тараққиёти, истиқболдаги режалари, дунёдаги энг йирик давлатларнинг бири сифатидаги келажаги, табиийки, бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон Хитойдаги барча ўзгаришларни дўст давлат, ишончли стратегик шерик сифатида диққат билан кузатиб боради.”

Шундай сатрлар билан бошланган мақолада Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг жорий ҳолати, давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро битимлар сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асос яратилаётгани таҳлил қилинган.

Мақолада Ўзбекистон Хитойнинг аҳолини қашшоқликдан олиб чиқиш ва ўрта синфни кўпайтириш, шу орқали умумбашарий фаровонлик ва тенгликка эришиш борасидаги тажрибасига жиддий қизиқиш билдираётганига алоҳида урғу берилади.

– Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббуси бутун Евроосиёда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган мисли кўрилмаган режани юксак қадрлайди ва қўллаб-қувватлайди, – дейилади мақолада.

Мақолада, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон икки томонлама асосда ҳам, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, ташқи аралашувга биргаликда қарши туриш, трансмиллий уюшган жиноятчиликка ва наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашда бирга ҳаракат қилаётгани, Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг муҳим иштирокчиси, ушбу йирик ташаббус доирасида мамлакатлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам алоҳида қайд этилган.

Мақоланинг тўлиқ матнини Синьхуа ахборот агентлигининг www.news.cn сайтида ўқиш мумкин.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади, ЎзА