ёхуд Нукусда бир неча юз хонадон газ тармоғидан нега узилди?

Шу йилнинг 21 июнь куни Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган кўплаб аҳоли эрталабки нонуштани тайёрлашда табиий газдан фойдалана олишмади. Айтишларича, соат 7:00да хонадонларга ўрнатилган «Ақлли» ҳисоблагичлар истеъмолчиларни автоматик равишда газдан узган.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Нукусшаҳаргаз» филиалига борганимизда ҳақиқатан ҳам газ таъминоти идорасида тумонат одам йиғилганига гувоҳ бўлдик.

-Қарзимиз бўлиб, газдан узилсак эътирозимиз йўқ эди, -дейди газ истеъмолчиларидан бири Нуржамал Халмуратова. – Эрталаб келганимда навбатда туриб ҳисоблатиб кўрдим, ҳали 1 миллион 400 минг сўмдан ортиқ тўловимиз бор экан. Газни ажратишга асос қилиб нореаль қарздорлик борлигини, буюртма берсак тез орада қўшиб беришини айтишганди. Буюртма бериб кетдим, лекин мана соат 15:00дан ошди ҳали газни улаб беришмади. Бугун шифохонада ётган яқинимизга овқат қилиб боришим керак эди. Эрталабдан буён икки бор шаҳар газ идорасига келиб вақтимни аслида йўқ қарздорлигимни исботлашга сарфлаяпман. Мутасаддилар, биз эмас, Тошкент йўқ қилади нореаль қарздорликни, -дейишмоқда. Тўғриси, кимга ишонишимизни ҳам билмай қолдик…

Айтмоқчиманки, газ таъминотининг қайси бўғинидаги мутасаддилари бу иш билан шуғуллансалар ҳам тез орада ҳал қилиб беришмаса, халқнинг норозилиги ошиб, ўрнатилган газ ҳисоблагичларга ва масъулларга ишончи қолмайди…

Биз, фуқаролар билан газ идораси ходимларининг мулоқотларини кузатганимизда нореаль қарздорликнинг келиб чиқиш сабаби сифатида ўтган йиллар давомида ҳудудларга бириктирилган назоратчилар (уй эгалари уйида бўлмай ҳисоблагични кўрмаган даврларда) норматив бўйича газ ҳисобини юритгани учун ҳозирда нореаль қарздорлик юзага келганлигини тушунтиришмоқда.

-Мен ходимларнинг йиллар давомида назоратчилар норматив асосида ҳисоблаганидан аҳолининг қарздорлиги пайдо бўлган, -деган важларига ҳайрон бўлаяпман, -дейди истеъмолчилардан бири. Негаки, менга айнан ушбу янги газ ҳисоблагични ўрнатганнинг эртаси куни 5 миллион 324 минг 43 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳақида смс хабар келди. Бу масалада шаҳар газ идорасига бир неча маротаба келиб ҳолатга изоҳ сўраганимда “сизга алоқаси йўқ, яқин орада ўчирилади”, дейишганди. Лекин мана 2 ойдан ошган бўлсаҳамки, нореаль қарздорлик ўчирилмади, аксинча, бугун уйимизда газ ўчирилди. Ҳайрон қолдиргани, синаш учун ҳисобимга пул солиб кўрсам, ўша “менга алоқаси йўқ қарз”дан сўндирилаяпти.

Биз, ҳолатларга изоҳ олиш учун Нукус шаҳар газ идорасидан масъул раҳбарларни топа олмагач,  «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалига бордик. Буни қарангки, бу ерда ҳам юқоридаги ҳолатдан норозилигини билдириб мурожаат қилишга келган фуқаролар етарли экан.

-Ёшим етмишдан ошган, куннинг иссиғида қарздорликни ҳисоблаб берадиган “окошка” (ойна)га термулиб, қон босмим ҳам ошиб кетди, дейди  мурожаат қилишга келган кекса онахонлардан бири Жамила Мамутова. – “Программа” ишламай қолди, Тошкент ҳал қилади, -дейди. Айтмоқчи бўлганим, бугунгидек юзлаб одамлар келган пайтда қарздорликни ҳисоблаш учун ажратилган 6 та “окошка” орқали фуқароларни қабул қилишни ҳам Тошкент қилиб бермаса керак. Шунча одам 2 та “окошка”га термулиб, ҳисоблатгандан кейин “йўқ қарздорлик учун газдан ажратилганингни билсанг, кетган вақтинг, инсон қадрига бўлган муносабат алам қилади. Уйимда ногирон фарзандим бор, 400 минг сўм олдиндан тўловим бўла туриб шунча оворагарчиликдан сўнг ҳам газга улаб беришмаса, норози бўламизда, болам – дейди онахон.

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг инспектори Бахтияр Уббиниязов ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашиш бўйича масъул ходим юқоридаги онахон ва бошқа фуқаролар мурожаатларини қабул қилишиб, тез орада ҳудудларга чиқарилган ходимлар билан боғланган ҳолда газ таъминотига қайта улаб бериш ишларини назоратга олишларини билдиришди.

Биз, юқорида келтирилган “нореаль қарздорликни Тошкент ўчириши керак” деган мазмундаги  фикрларга изоҳ сўрадик.  Бахтияр Уббиниязов бу борада амалга ошириладиган ишларни компьютердан бир газ истеъмолчи хонадон мисолида тушунтириб берди. Кўрсатиб беришича, ҳар бир янги газ ҳисоблагич ўрнатилган хонадоннинг эски газ ҳисоблагичдаги кўрсаткичи сурати, йиллар давомида тўлаб келган суммалари (базадан олинган), назоратчилар норматив бўйича киритиб келгани фарқ сумма, яъни, нореаль қарздорлик барчаси кўрсатилган ҳужжатлар, далолатнома нусхалари Тошкент шаҳридаги (махсус бўлим)  ходимларга тақдим қилиб борилади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, қарздорлик ўчирилади.

Инспектор Бахтияр Уббиниязовга айнан янги ҳисоблагич ўрнатилгач пайдо бўлган қарздорлик бўйича айтганимизда, бунга аниқлик киритиш учун (телефондан шаҳар газ таъминоти масъул ходими билан боғлана олмагач)  биз билан бирга «Нукусшаҳаргаз» филилалига борди. Унинг аниқлашича, ушбу газ истеъмолчиси Тошкентга кўриб чиқиш ва нореаль қарздорликни ўчириш учун юборилган кейинги 3 минг хонадонлар орасида экан. Бугун мурожаат қилган мижозларни яна бир бор қайта кўриб, тез орада қарздорлик масаласини ҳал қилиш бўйича алоҳида рўйхат қилиб юборишини таъкидлади.

Шунингдек, Б.Уббиниязов ҳақиқатан ҳам янги газ ҳисоблагичлар ўрнатилган хонадонлар тўлиқ дастур асосида (нореаль қарздорликни кўриб чиқиб ўчириш) ишлатишга жисмонан улгура олинмаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Бу борада бугун эрталабдан 4 та планшет ходимлар қўлига берилиб, шаҳардаги газдан ажратилган хонадонларни қайта улаш билан шуғулланаётганини айтиб ўтди.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида тарихий янгиланишлар юз бераётган айни даврда юқоридаги ҳолатни ёзиш, кенг жамоатчиликка ошкор қилишга ҳам андиша қиласан киши. Лекин, юртимизда Давлат раҳбаридан тортиб барча бўғиндаги раҳбарлар, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ҳам ҳар ҳафта, лозим бўлса ҳар куни фуқаролар мурожаатларини тинглаб, таъбир жоиз бўлса, мурожаатларига ижобий ечим топиш мақсадида “йўқдан бор қилиб, яратиш”  орқали одамларни рози қилиш илинжида тиним билмай меҳнат қилаётир.

Шундай пайтда Тошкентдами ёки Нукусдами тайёр ҳисоботни вақтида кўриб чиқиб, аҳолини нореаль қарздорликдан ҳалос қилмаётганлар ҳаракати ёки, ҳаракатсизлиги натижасида юзага келаётган аҳолининг норозиликларига биз бефарқ қарай олмадик. Қолаверса, юқорида сўзлари келтирилган мурожаатчиларнинг бири Нуржамал Халмуратова орадан бир кун ўтиб 22 июнь куни ҳам шаҳар газ идорасига бориб, газ тармоғига қайта улаш масаласини ҳал қила олмаётганини бизга маълум қилди. Унинг айтишича, шаҳар масъуллари 21 июнь куни 400 хонадонни қайта улаб бериш амалга оширилган. У Тошкентдаги тегишли бўлим ходимлари телефон рақамларини олиб, улар билан ҳам гаплашган ва улар 2 миллиондан ортиқ қарздорлиги борлигини, тегишли далолатномаларни  тақдим қилгач газга қайта уланиши мумкинлигини билдиришган. Унинг айтишича бугун ҳам «Нукусшаҳаргаз» филиалида юзлаб аҳоли шу масала бўйича сарсон бўлмоқда…

Хонадонларга ўрнатилган янги газ ҳисоблагични “ақлли” яъни пули тугаса, газдан ажратади, дейишарди. “Ақлли” ҳисоблагичнинг ахмоқлиги тутганми, ёки аҳолини ахмоқ қилаяптими, дастурда ишкал бўлдими, хуллас бугун нукуслик 200 хонадан вакиллари сарсон бўлишди.


Ўйлаймизки, масъуллар ҳолат юзасидан тегишли тадбирларни амалга оширади. Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Бунинг амалдаги исботини юқоридаги масаланинг ижобий ечимига қаратилган тадбирларда кўрамиз, деган умиддамиз.

Ғ.Отажонов,

“Халқ сўзи” газетаси мухбири.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги