Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда турли нохуш воқеалар, ўз жонига қасд қилиш ёхуд кимнидир ўлдириб қўйиш кабилар ҳақидаги хабарлар кўпайиб, шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари содир бўлаётгани оилалар парокандалиги, фарзандлар етим бўлиб қолишига олиб келмоқда.

Энг аввало, инсон номига номуносиб бўлган бу каби воқеаларнинг содир этилаётгани ўта ачинарли бўлса, иккинчидан, уларнинг кенг тарқатилаётгани яна бир муаммо. Яъни, ваҳшийларча содир этилаётган ҳодисаларни кунда-кунора эшитиш, ўқиш, видео ва расмларини кўриш орқали одамларда кўникиш ҳисси ҳосил бўлади, бора-бора дийда қотади. Бу эса бундай воқеаларнинг янада урчишига олиб келади.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова ўз таклифларини билдириб, қуйидагиларни таъкидлади:

— Ёмон хабарлар тез тарқалиши бир муаммо бўлса, ундаги иллатлар яна шундай тезликда оммалашиб бориши ундан-да оғир муаммо. Афсуски, кейинги вақтларда ўз жонига қасд қилган аёл ҳақидаги хабарлар тез-тез учраб турибди. Юқумлилик хусусиятига эга иллатлар одамларимизнинг дийдаси қотиши, гўёки бундай вазиятлар кундалик ҳаётимизда учраши одатий ҳолдек қабул қилинишига сабаб бўлиши мумкин.

Масалан, кўпинча аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳақида эшитамиз. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан батафсил ўрганилиши, агар ҳақиқатан ҳам ўз жонига суиқасд қилингани тасдиғини топса, бунга жим қараб турмаслигимиз керак. Шу даражада бир-биримизга нисбатан бефарқмизки, ёнимиздаги тирик инсоннинг тушкунликка тушганигаям, унинг ичи тўла дард эканлигигаям панжа ортидан қараймиз.

Бу борада биргина Японияда кўнгиллилар томонидан тушкун кайфиятдаги инсонларга руҳий, маънавий ёрдам кўрсатадиган ташкилотлар ҳақида маълумот берувчи тарғибот қўлланмаларини тарқатиш амалиёти оммалашган. Ўзбекистонда хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари фаолият юритиши ҳақида эса 10 тадан битта аёл ҳам билмаса керак!

Демак, маънан, руҳан ва жисмонан қийналган аёлларга манзилли ёрдамни янада яқинлаштириш вақти келди. Ҳозир аёлларга ўзини севишга ўргатадиган турли хил онлайн ёки офлайн курслар кўп. Психолог ва мутахассислар иштирокида аёлларнинг дардига малҳам бўла оладиган пулли дарслар талайгина. Ҳаётни борича севишга, вазиятларга бошқача назар солишга ўргатадиган бундай курсларнинг нархини ҳамёнбоп деб айтолмаймиз.

Таклифим — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамда малакали психологлар ҳамкорлигида “кўчма психологик маслаҳатхона” ташкил қилинса, навбати билан республикамизнинг чекка ҳудудларида, маҳаллаларда депрессияга тушишга мойил опа-сингилларимизга манзилли ёрдам кўрсатишса, яхши бўларди. “Фойдаси бўлмайди”, “суиқасдларнинг олдини олиб бўлмайди”, “одамнинг ички оламини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким ўзгартира олмайди” деб қўл қовиштириб ўтирсак, етим фарзандлар сони кўпайишига томошабин бўлиб туришимизга тўғри келади, — дейди депутат.

Дарҳақиқат, жамиятдаги катта-кичик ҳар бир муаммо шу жамиятдаги барча инсонни қизиқтириши, ўйлантириши, унга қарши чора излашга чорлаши лозим. Бефарқлик, эътиборсизлик, лоқайдлик эса муаммоларнинг илдиз отишига олиб келади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА