Буғдой ўрим-йиғимидан кейин бошоқ териш, сомон тўплаш, уни ташиш, терилган бошоқларни янчиб, буғдойни тозалаб олиш каби юмушлар болалик хотираларимизнинг бир бўлагидир.

Бу ишларнинг ўз гашти бор эди — биз болалар учун кенг дала майдонларида тенгқурларимиз билан қувлашиб, бошоқ териш завқли онлардек туюлар, қоп-қоп тўплаган бошоқ уюмларимиздан кўзимиз қувнаб, ўзимизни зўр ишни дўндиргандек ҳис қилар эдик.

Айни ғалла ўрим-йиғими яқин қолган пайтларда қўни-қўшни катталарнинг ҳам асосий гурунги пайкалларда ястаниб ётган буғдойзорда ўрим-йиғимдан кейин тўкилиб қоладиган буғдой бошоқларини териш, сомон ва хашак ғамлаб, мол-ҳолларнинг қишки ғарамини сал енгиллаштириш мавзуси бўлар эди. Ғалла ўрими бошланганидан бутун қишлоқ аҳли ғимирлаб қоларди. Кимдир велосипедда, кимлардир араваларда бола-бақраси билан буғдойзор томонга ошиқарди. Буғдойзорнинг комбайн ўриб кетган қисмида катта-кичик ҳамма чувалашиб бошоқ терар, тўкилиб қолган сомон ва  чеккаларда чала ўрилиб қолиб кетган буғдой пояларини хаскаш ёрдамида тўплаш билан овора бўлар эди. Деярли ҳамма хонадон вакиллари буғдойзордан ўз насибасини оларди… Бир томондан эса буғдойзор дала топ-тоза бўлиб, ерни тайёрлашга ортиқча иш қолмас эди.

Бугунчи? Бугуннинг болалари бошоқ териш жараёни ҳақида ҳатто билмайди ҳам. Чунки бир пайтлардагидек бошоқ терилмай, ерга тўкилган ризқ-рўз писанд қилинмай, қолдиқ сомонлар йиғилмай қолди. Буғдой далаларини тозалашнинг “энг осон” йўли — “ёндир-куйдир”лар авж олмоқда. Ҳатто одатий ҳолга айланаётир.

Одатда пишиб етилган ғалла комбайнлар ёрдамида йиғиштириб олингандан кейин ҳосилдан бўшаган майдонларга буғдой пояларининг комбайн тиғи тегмаган пастки қисмларини ва бошқа ўт-ўланларни ўрадиган, чор тарафга сочилиб кетган сомонларни тўплаб, зичлайдиган турли агрегат-машиналар киритилади. Шундан сўнг ер шудгорланади. Агар ер тозаланмаса, ерларга ишлов беришга халақит қилади, сомон ва ўт-хашак қолдиқлари чиримагунича экилган экиннинг ўсишига, парвариш сифати ва ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Буни жуда яхши билган фермер ва деҳқонлар буғдойзорни ҳайдашдан олдин ерни тозалайди.

Афсуски, баъзилари эса гўёки ортиқча меҳнат ва вақт сарфламаслик учун қалтис йўлни танлаб, далага ўт қўйиб юборади. Оқибатда гектарлаб дала майдонлари оташ гирдобида қолади. Гуриллаб ёнаётган олов ичида инсонларнинг ризқи бўлган буғдой бошоқлари ҳам, чорвага ўт-хашак бўладиган сомон қолдиқлари ҳам куйиб кулга айланади. Ўт-аланганинг иссиқ ҳовури эса дала ён-атрофидаги дов-дарахтлар, тутларга ҳам таъсир қилиб, баргларини қовжиратади. Кўкка кўтариладиган тутун об-ҳавони булғаб, ҳам инсонларга, ҳам табиатга салбий таъсир кўрсатади.

Ғалла ризқ-насибамиз, тўкин-сочинлик, тўқлик манбаидир. Буғдойнинг бир бошоғи ҳам нон дегани. Уни эъзозлаш инъом этилган насибага шукрона келтириш билан баробар.

Яқин тарихимиздан биламизки, минглаб, миллионлаб одамлар уруш йиллари ва ундан кейинги даврларда бир бурда нонга, бир қорим унга зор бўлишган. Битта нон учун турнақатор навбатда туриб, жон бошига арзимаган нонни зўрға олишган. Одамлар эрта баҳорда тут пишиғига ўлмай етишса, хурсанд бўлишганини ота-боболаримиздан кўп эшитганмиз. Бугунги кун авлодлари эса буни тасаввурига ҳам келтира олмайди. Албатта, бундай оғир дамлар инсоният бошига ҳеч қачон қайта тушмасин. Аммо бугунги тўқликнинг қадрига етиш, ризқ-рўзимизнинг ҳовучини бўлса-да, кўкка совурмаслик лозим.

Шундай экан, айни пайтда ғалладан бўшаган далаларни тозалашда белгиланган тартибларга амал қилиш, одатга айланиб бораётган “ёндир-куйдир”ларга чек қўйиш керак. Шусиз ҳам муаммолар гирдобида қолаётган экологиямизни, атроф-муҳит тозалигини асрашимиз шарт. Бу борада тегишли мутасаддилар, масъуллар назоратни мунтазам олиб бориши, кенг далаларни ўт-алангадан ҳимоялаши лозим бўлади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА