Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ва Америка Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” билан биргаликда “Ўзбекистон куни”ни ташкил қилди.
Тадбир АҚШ Конгрессида бўлиб ўтди. Унда техаслик конгрессмен Пит Сешнс, Ғарбий виржиниялик конгрессвумен Керол Миллер, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Осиё бюроси администратори ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, Жаҳон банкининг Евроосиё бўйича ижрочи директори Доминик Фавре иштирок этди. Шунингдек, “Ўзбекистон куни”да нуфузли конгресс аъзоларининг бир қатор стафферлари, Вашингтондаги дипломатик корпуси, экспертлар ҳамжамияти, нуфузли ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Икки томонлама ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган мазкур тадбирда иштирокчилар Ўзбекистон янгиланган Конституциясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, унинг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатимизни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашдаги ўрни ҳақида фикр алмашишди. Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, сўз эркинлигини ҳимоя қилишни акс эттирувчи Янги Конституция қабул қилингани олқишланди.
Янгиланган Конституция инсон ҳуқуқлари, мулк кафолатини ва хорижий сармояларни ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлагани ҳам айтиб ўтилди. Иштирокчилар фикрича, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида бизнес учун мустаҳкам ва шаффоф қонунчилик базаси ҳамда қулай инвестицион муҳит шакллантирилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак баҳоланди. Сўнгги беш-олти йилда Ўзбекистонда савдо-сотиқни ривожлантириш ва бутун Марказий Осиёда барқарорлик яратишга хизмат қилувчи фундаментал ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Кенг қамровли иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдеворга айлангани айтилди.
Мулоқотда Ўзбекистон-АҚШ стратегик шерикликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Тадбир давомида Конгресс аъзолари икки томонлама муносабатлар тобора янги мазмун билан тўлдирилиб, стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганига урғу беришди. Қадимги Ипак йўлининг чорраҳаси сифатида Ўзбекистон АҚШнинг кучли савдо шериги бўлиши мумкин ва бўлиши керак, дейилди.
Шу билан бирга, иштирокчилар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун АҚШ Конгресси аъзоларини «Жексон-Веник» қўшимчаларини қўллашни тугатишга чақиришди. Уларнинг фикрича, бу эскирган тузатишини бекор қилиш ўзаро савдо ва инвестицияларни рағбатлантиришга олиб келади.
АҚШ давлат ва нодавлат ташкилоти вакиллари сўзга чиқар экан, улар Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ўзгаришларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Улар кўпроқ сармоя жалб этишга, иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган минтақавий инфратузилмаларни кенгайтириш мақсадида ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
ЎзА