Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиалида “Оқ йўл сизга, битирувчилар” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
2022-2023 ўқув йилида филиални 8 та таълим йўналиши бўйича 127 нафар талаба тамомламоқда. Улар йиллар давомида олган билими натижасида давлат аттестация синовлари ва битирув ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Битирувчилар орасида 71 ёшли Шинигул Досхожаева ҳам бор.
– Илм олишнинг эрта-кечи йўқ, деганларидек, олий маълумотли мутахассис бўлиш орзуйим эди, – дейди Шинигул Досхожаева. – Мана 71 ёшимда ушбу орзуйим ушалмоқда. Қарийб 50 йилдан буён маданият соҳасида меҳнат қилиб келаман. Бу билан чекланиб қолмай, ўқишни магистратурада давом эттирмоқчиман.
Тадбир якунида битирувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ва филиал раҳбариятининг қутлови топширилди ва концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.