Бугун, 22 июнь куни Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида шахмат бўйича нуфузли “Global Chess League“ турнири бошланди.
Мусобақада жаҳоннинг етакчи шахматчилари 6 та жамоа таркибида бош соврин учун кураш олиб боради.
Аввал хабар берганимиздек, ушбу нуфузли мусобақада ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов “Balan Alaskan Knights“, Жавоҳир Синдоров эса ”UpGrad Mumba Masters“ жамоаси таркибида дона суради.
Бугун 1-тур доирасида Жавоҳир Синдоров “UpGrad Mumba Masters“ таркибида ”Triveni Continental Kings“ билан беллашади. Жавоҳир ўз ўйинини даниялик Ёнас Бал Беррега қарши ўтказади.
Нодирбек Абдусатторов ўйнаётган “Balan Alaskan Knights“ эса мусобақани эртага, 23 июнь куни ”SG Alpine Warriors“га қарши бошлайди. Нодирбек мазкур қарама-қаршиликда 2-столда ҳиндистонлик Гукеш билан рўбарў келади.
Эртага шунингдек, 2-турда ҳар икки ҳамюртимизнинг жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Унда Абдусатторовга россиялик Александр Гришук рақиблик қилса, Синдоров ҳиндистонлик Раунак Садвани билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, “Global Chess League” турнири 2 июлгача давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА