Сенат ялпи мажлисида Сенат назоратига олинган масалалар ечимига эътибор қаратилди.

Мазкур масала юзасидан сўз олган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Автомобиль йўллари қўмитаси буюртмачи бўлган ва қиймати 60 миллиард сўмни ташкил этадиган Тошкент шаҳар Туркистон ширкат хўжалиги – Қозоғистон Республикаси чегарасида, яъни Зангиота туманининг Назарбек қишлоғидаги автомобиль йўлининг учинчи километридаги темир йўл остидан тоннель қурилиши учун 2021-2022 йилларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган маблағ ажратилганини, лекин қурилиш ўз вақтида якунланмаганини қайд этди.

– Шунинг учун бу масалада халқ томонидан бизга мурожаат бўлган ва бу Сенатнинг 37-ялпи мажлисида муҳокама қилинган эди, – деди Қ.Бурҳонов. — Шундан сўнг Автомобиль йўллари қўмитаси раиси 2023 йил 1 сентябрга қадар мазкур объектни ишга туширишга ваъда берган. Масала Сенат томонидан назоратга олингандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент вилояти ҳокими томонидан иш фаоллаштирилди. Автомобиль йўллари қўмитаси ҳам бор имкониятларидан фойдаланди.

Ўтган ойда мазкур объектнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.   Халққа жуда катта муаммо туғдирган ушбу масала ижобий ҳал қилинди.

Сенатор бунинг учун Вазирлар Маҳкамасига, Автомобиль йўллари қўмитасига ва Тошкент вилояти ҳокимлигига миннатдорлик билдирди.

 

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА