Сурия, Туркия ва Эрон Россия таклиф қилган “йўл харитаси” концепциясини келишиб олди. Мазкур ҳужжат Анқара билан Дамашқ ўртасидаги муносабатни яхшилашга қаратилган, дея баёнот берди РФ Президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев “РИА Новости”га берган интервьюсида.
– Томонлар муносабатни яхшилаш жараёнини ҳаракатга келтиришга қаратилган “йўл харитаси” концепцияси бўйича бир тўхтамга келди, фикр алмашишди, таклифларини билдиришди, – деди сиёсатчи. – Энди концепцияни тизимлаштириш ва бандлар бўйича келишувга эришиш лозим.
Унинг таъкидлашича, жараён муайян вақт талаб қилади. – Энг муҳими иш олға силжиди, – дея қўшимча қилган Лаврентьев. – Масалани чўзишдан маъно йўқ, бу борада ҳамма якдил.
Россия, Туркия, Сурия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари 10 май куни Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғи “йўл харитаси” лойиҳаси устида иш бошлашга келишиб олган эди. 20 июнь куни эса уларнинг ўринбосарлари Остонада учрашиб, айни масалани муҳокама қилган.