Бугун, 2023 йил 22 июнь куни соат 10.00да Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб бораётган мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Мажлис кун тартибига ўндан зиёд масала киритилган. Кўриладиган масалалар ичида 9 қонун бор.

Жумладан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”,  “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”, “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”,  “Радиочастота спектри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”,  “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон – Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2022 йил 3 март) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида сайтимиз орқали онлайн ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА