Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Италиянинг энг нуфузли ахборот агентлиги билан меморандум имзолади

ANSA Италиянинг Европа, Жанубий Америка, Африка ва Осиё бўйлаб 70 га яқин халқаро ҳамкорлар билан келишувга эга, 50 дан зиёд мамлакатда мухбирлари фаолият юритаётган миллий ахборот агентлиги. Бугунги кунда дунёнинг беш қитъасида 73 хорижий идораси, 22 ваколатхонаси бор.

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Италиянинг ушбу ахборот агентлиги ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Онлайн тарзда ўтган маросимда Италиянинг Ўзбекистондаги ва мамлакатимизнинг ушбу Европа давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчилари Агостино Пинна ҳамда Отабек Акбаров, ANSA ва ЎзА вакиллари иштирок этди.

ANSA Бош ижрочи директори Стефано Пиеро Карло Де Алессандри Ғарбий Европада ЎзА билан битим имзолаган илк агентлик бўлганидан фахрланишини таъкидлади.

– Ушбу ҳамкорлик давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончни оширишга хизмат қилади, – деди директор жаноб Де Алессандри. – Энди бизда обуначиларимизга янада кенг қамровли ишончли ахборот таклиф этиш имконияти ошади.

Тадбир давомида ЎзА Бош директори А.Кўчимов жаҳон миқёсида ОАВ билан алоқаларни мустаҳкамлаш агентлик учун стратегик вазифа ҳисобланишини қайд этди.

– Айни пайт биз барча минтақалардаги йирик ахборот агентликлари билан фаол ахборот алмашяпмиз. АNSA билан шериклик эса бутун минтақа фаолиятини ўрганиш, Европа билан тезкор ахборот алмашишга замин яратади, – деди ЎзА раҳбари. – АNSA ЎзАнинг Ғарбий Европадаги биринчи ахборот ҳамкоридир.

Учрашувда элчилар ҳам сўз олиб, ахборот соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик алоқа ривожига ижобий таъсир кўрсатиши, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Меморандумга мувофиқ, икки агентлик бундан буён мунтазам равишда Тошкент ва Римдаги элчихоналар билан ҳамкорликда фаолият юритади, мақола ва видео лавҳалардан фойдаланиш ваколатига эга бўлади.

Маълумот ўрнида: “Стефани” ахборот агентлиги негизида қайта таъсис этилган ANSA журналистик маълумотларни тўплаш, нашр этиш ва тарқатишга ихтисослашган. Ноширлик мажмуаси сифатида 36 та йирик газета ва журнални ҳам бирлаштирган.

“Франc-Пресс” ва “Рейтер” каби нуфузли агентликлар билан ҳамкорлик қилиб келаётган мазкур агентлик италян тилидан ташқари инглиз, испан, француз, немис, араб тилларида ҳам янгиликлар, таҳлилий мақола, видео репортажлар тайёрлаб тарқатади.

Беҳруз Худойбердиев, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА