Жорий йил 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Бунда сайлов участкаларини зарур жиҳозлар, техника ва бошқа анжомлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда рақамли технологиялар ривожланиб, кундалик ҳаётимиздан муҳим ўрин эгалламоқда, жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасига жадал кириб бормоқда. Ахборот асрида рақамли технологиялар тараққий этиб бораётган бир пайтда сайлов жараёнларида ҳам уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга устувор аҳамият қаратилаётир.
Бу борада Марказий сайлов комиссияси томонидан Рақамли технологиялар ва Ички ишлар вазирликлари мутахассислари билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқилиб, сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкаларида видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.
Бунда онлайн-трансляция учун видеокамералар ўрнатиладиган участка сайлов комиссиялари бинолари, яъни овоз бериш жойлари ва хоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тавсиялари асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан шакллантирилади.
Видеокамераларни ўрнатиш ва жиҳозлаш Ички ишлар вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” маркази томонидан амалга оширилади. Ушбу камералар орқали сайлов куни жараёнларни онлайн трансляция қилиш Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан таъминланади.
Сайлов участкаларида ўрнатилган видео-кузатув камералари орқали сайловда овоз бериш жараёнлари МСКнинг расмий веб-сайтида, Матбуот марказининг лед экранларида ҳамда МТРКнинг телеканаллари орқали реал вақт режимида трансляция қилиб борилади. Бунда сайловчиларнинг яширин овоз бериш принципларига тўлиқ риоя этилади.
Таъкидлаш жоизки, сайлов участкаларида видео-кузатув камераларининг ўрнатилиши сайлов жараёнларини, хусусан, овоз бериш жараёнларини холис кузатиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА