Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ўзбекистон овози” газетасининг 105 йиллигига бағишланган маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, таниқли журналист, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ва бошқалар мамлакатимиз медиа ҳаётида “Ўзбекистон овози” газетасининг ўз ўрни, мавқеи ва таъсири борлигини таъкидлади.
“Ўзбекистон овози” газетаси мамлакатимиз журналистикаси тамал тошини қўйган, етук кадрларни тайёрлаб берган нашрлардан биридир.
1918 йил 21 июнь куни “Иштирокиюн” номи билан ташкил топган эди. Узоқ йиллар давомида турли номлар билан чоп этилган ушбу газетанинг ривожи Усмонхон Эшонхўжаев, Акмал Икромов, Комил Алиев, Қамчинбек, Қосим Сорокин, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Маннон Ромиз, Шароф Рашидов, Мақсуд Қориев, Лазиз Қаюмов, Зиёд Есенбоев, Шароф Убайдуллаев, Азим Суюн, Сафар Остонов каби миллий матбуотимиз дарғаларининг номи билан бевосита боғлиқдир.
– Ушбу газетада буюк ижодкорлар меҳнат қилган, – деди Шароф Убайдуллаев. – Матбуотнинг жамият олдидаги роли, бурчи ҳамиша улкан бўлган. Бугун ижодкорлар айни жиҳатни эътиборга олган ҳолда долзарб ва ўткир мавзуларни дадил кўтариб чиқишларини тилаб қолардим.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимиздаги етакчи медиа тузилмаларида меҳнат қилаётган аксарият кадрлар “Ўзбекистон овози” газетасининг ижод мактабида тобланган. Ўзбекистонимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашда, ҳаётимизда кечаётган ўзгаришларни, иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, маданий-маърифий соҳалардаги туб янгиланишларни акс эттиришда ушбу нашрнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Айни пайтда бугунги глобаллашув даврида мамлакатимиздаги жараёнларни тезкор, холис, ҳаққоний, таҳлилий тарзда ёритишдек вазифалар ушбу нашр зиммасида ҳам турибди.
Учрашувда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги журналистлар, етакчи нашрларнинг бош муҳаррирлари таҳририят фаолиятига ривож тилади.
Анжуманда фаол ва фахрий журналистларга Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири