“Ўзбекипаксаноат” уюшмасида мамлакатимизда ипак ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш олиб бораётган SILTRACO (Испания) ва San Shayn (Япония) компанияларидан ташкил топган (S&S) жамоа билан учрашув бўлиб ўтди. Унда соҳага хорижий инвестицияларни, илғор хорижий технологияларни жалб этиш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги “Ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида халқаро савдони осонлаштириш ва ипакдан бирламчи ва оралиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида мануфактуралар билан алоқаларни ўрнатиш, Европа Иттифоқи истеъмолчилари ҳамкорлигида сифатли ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳамкорлар билан Ўзбекистонда 5А ва 6А тоифали юқори сифатли ипак ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, тут плантациясини яратишни ўз ичига олган саноат мажмуаси қурилишида Япониянинг энг янги технологиялари ва жиҳозларидан фойдаланиш ҳақида келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА