Жорий йилнинг 20 июнь куни Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кунига бағишланган қабул доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли бир гуруҳ вакилларига “ШҲТнинг яхши ниятли элчиси” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги гувоҳномаларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси матбуот хизматининг хабар беришича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддиновни ШҲТнинг мамлакатимиздаги яхши ниятли элчиси этиб тайинланди. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин унга тегишли гувоҳномани топширди.
Тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг элчилари, доимий вакиллари, Хитой давлат идоралари вакиллари, Котибият раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.
“ШҲТнинг яхши ниятли элчиси” фахрий унвонини жорий этиш ташаббуси 2021 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди. 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо-давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси доирасида ШҲТнинг яхши ниятли элчиси фаолиятининг асосий ваколатлари, функционал вазифалари ва молиявий қоидалари белгиланган тегишли низом тасдиқланди.
Куни кеча ўзбек тасвирий санъати устаси, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти -ТУРКСОЙнинг олтин медали билан тақдирланганини қайд этиш жоиз.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА