Тиббиёт ютуқлари

Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, травматолог-ортопед Камолхўжа Эшназаров Кореянинг Теджон тиббиёт технологиялари институти профессори илмий даражасига сазовор бўлди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигида ўтган навбатдаги Ҳайъат йиғилишида тиббиёт соҳасидаги илмий ва амалий ютуқлар, Ўзбекистон – Корея ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳасини янада ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун мутахассисга профессорлик сертификати тантанали топширилди.

Теджон тиббиёт технологиялари институти президенти жаноб Бюнг-Ки Лининг соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга йўллаган расмий мактубида К.Эшназаровнинг Корея Республикаси Ёнсей, Чоннам каби нуфузли халқаро университетларда таълим олгани ҳамда кореялик профессор ва олимлар билан ҳамкорликда Америка, Европа ва Осиёнинг қатор йирик нашрларида йигирмадан ортиқ илмий мақола чоп этгани, халқаро илмий конференция ва форумларда доимий иштирок этиб келиши таъкидланган.

Корея Республикасининг Теджон тиббиёт технологиялари институти тиббий технологияларни ривожлантириш, амалиётга жорий этиш ҳамда соҳага малакали кадрлар етказиб бериш билан шуғулланадиган нуфузли олий таълим муассасаси ҳисобланади.

ЎзА