Айни кунда глобал иқлим ўзгаришлари туфайли кузатилаётган сув танқислиги қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилига қандай таъсир кўрсатаётганлиги, юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги билан боғлиқ саволларни келтириб чиқармоқда.

Бу юзасидан жорий йилнинг 20 июнь куни Сув хўжалиги вазирлигида “Янги Ўзбекистоннинг сув хўжалигидаги ислоҳотлар, сув таъминотини яхшилаш бўйича олиб борилаётган сайъ-ҳаракатлар” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда сув танқислигининг салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш мақсадида суғориш тармоқларини бетонлаштириш ва уларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш, ерларни лазерли текислаш, сувдан самарали фойдаланишга эришиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш, суғориш маданиятини юксалтириш ишлари олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,0 млн. гектарга етказилган бўлиб, шундан томчилатиб суғориш 398 минг гектар, ёмғирлатиб суғориш 31 минг гектар, дискрет усулда суғориш 16 минг гектарни ташкил этади. 73 минг гектар майдон эгилувчан қувур орқали, 36 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилса, 452 минг гектар ерлар лазерли текисланган.

Ўзбекистон сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар бўйича Исроил, АҚШ, Россия, Испания, Бразилия ҳамда Италия давлатидан сўнг

7-ўринни эгаллаб турибди. Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллайди.

Шу аснода жорий йилда сувни тежайдиган технологияларни 500 минг гектар майдонда жорий этиш ва 1,5 млн. гектарга етказиш, жумладан, 260 минг гектарда томчилатиб, 25 минг гектарда ёмғирлатиб, 15 минг гектарда дискрет усулда суғориш технологиясини жорий этиш,  лазерли текислаш ишларининг яна 200 минг гектарда қўлланилиши кўзда тутилган. Ушбу технологияларни ишлатиш орқали 1,9 млрд. куб метр сув, 100 минг тонна минерал ўғитлар, 13 минг тонна ёнилғи-мойлаш материаллари иқтисод қилинади ҳамда ҳосилдорликни ўртача 15-20 центнерга ошириш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида 2030 йилгача амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар юзасидан маълумот берилди. Унга кўра, 2030 йилга қадар 4,3 млн гектар, яъни суғориладиган барча майдонлар сувни тежайдиган технологиялар билан  қамраб олинади. Хизмат муддатини ўтаб бўлган насос станцияларидаги 1750 дона насос агрегатлари энергияни тежовчи насос агрегатларига, 2100 дона электродвигателлар янгисига алмаштирилади.

Барча сув олиш нуқталарига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилган ҳолда, сув ресурслари рақамли  технологиялар асосида бошқарилади.

Яна фойдаланишдан чиққан 300 минг гектар суғориладан ерлар фойдаланишга киритилади.

М.Эшмирзаева,

Н.Абдувоитов, ЎзА