Сингапурда якунига етган спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 2 та кумуш медалга сазовор бўлди.

Ҳар икки медаль таяниб сакраш дастурида қўлга киритилди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда Оксана Чусовитина, эркаклар беллашувида Абдулазиз Мирвалиев шоҳсупага кўтарилди.

Жорий йилнинг 30 сентябрь – 8 октябрь кунлари Бельгиянинг Антверпен шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи мазкур қитъа биринчилиги якунига кўра, Чусовитина ва Мирвалиев қаторида йигитларимиз жамоавий, қизларимиздан Дилдора Арипова яккалик йўналишда дунё биринчилигида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Бельгиядаги жаҳон чемпионати «Париж-2024» Олимпиадасига тўғридан-тўғри йўлланмалар тақдим этадиган мусобақа ҳисобланади.

Т.Рўзиев, ЎзА