Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси фаолиятини тартибга солувчи бирон-бир қонун мавжуд эмас.
Шу мақсадда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонуннинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
– Қонунда коррупцияга қарши экспертизанинг асосий принциплари, коррупцияга қарши экспертиза ўтказадиган органлар ва уларнинг ваколатлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларидаги коррупциявий омиллар, коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилмоқда, – деди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Қонуннинг қабул қилиниши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга ҳамда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мажлисда “Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ҳам кўриб чиқилди. Қонун давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилади.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида эса “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун қарздорга нисбатан адолатли жарима тайинланишига, шунингдек, фуқароларнинг қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилишига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Н.Абдураимова, ЎзА